2023 йил 27 сентябрда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Олий суд раиси томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга етказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.
Шунга кўра, Миллий гвардия маънавият ва маърифат марказида Олий суд раҳбариятидан вакил иштирокида кенгайтирилган давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳарбий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди.
Қайд этилганидек, қонун билан суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари такомиллаштирилди. 2024 йил 1 январдан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларини жорий қилиш белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят ё протест бериш мумкин.
Апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят ё протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят ё протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.
Бундан ташқари, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилади.
[gallery-14236]
Жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилмоқда.
Бу, ўз навбатида, суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олади. Муҳими, ана шу янгиланишлар натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний хулосага келишга эришилади.
Шу билан бир қаторда, суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.
Муҳокамалар қисмида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА