Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов навбатдаги шахсий қабулда фуқароларнинг турли соҳалардаги муаммоларига алоҳида эътибор қаратди. Қабулда ҳар бир мурожаат масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди ва уларни ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят ҳокими фуқаролар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг талаб ва таклифларини тизимли равишда кўриб бориш зарурлигини таъкидлади.

Қабул Сирдарё вилояти Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида бўлиб ўтди. Унда 10 нафар фуқаро ижтимоий ҳимоя, бандлик, уй-жой таъмири, кредит ва банк масалалари, тиббий ёрдам, инфратузилма ва ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат қилди.

Ховос туманининг Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Жаҳонгир Муродқулов рафиқасини ногиронлик нафақасига чиқариш учун амалий ёрдам сўради. Вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу мурожаат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизими масъулларига қонуний тартибда кўриб чиқиш топширилди.

Шу туманнинг Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Мухлиса Абдуллаева эса табиий газ ва электр тармоғи билан таъминлаш масаласини кўтарди. Мавжуд чора-тадбирлар натижасида бу мурожаатни ҳал этиш ишлари аллақачон бошлангани маълум қилинди.
Ҳуқуқий масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Бахтиёр Қосимов мулкий низо юзасидан мурожаат қилиб, тўланган маблағни ундиришда ҳуқуқий ёрдам сўради. Вилоят ҳокими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан масала суд ва қонун доирасида ҳал этилиши тушунтирилди.
Қабул якунида Эркинжон Турдимов ҳар бир мурожаат шахсий назоратга олинишини таъкидлаб, масъул раҳбарларга фуқаролар муаммоларига бефарқ бўлмасдан, ўз вақтида ва қонуний ечим топиш зарурлигини маълум қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири