Қарор ва ижро
“Ўт балоси ва сув балосидан асрасин”, деган дуо моҳиятида улкан ҳикмат бор. Бунда, албатта, эзгу ният мужассам бўлса-да, уларнинг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган тегишли хатти-ҳаракат ва тайёргарликлар ҳам бўлмоғи зарур.
2023 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва унинг тегишли иловалари билан “2023-2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳаракатлар режаси” ҳамда миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бу аҳолининг асосий мол-мулки бўлган уй-жойи ҳимоясини турли хатарлардан қонуний таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгайиб бораётганидан далолат беради. Бу борада яна қандай ишларни амалга ошириш зарурати туғилмоқда? Шулар хусусида иқтисодчи Самидилло МАҲМУДОВнинг таҳлиллари билан қизиқдик.
– Кўпинча инсоннинг феъл-атворида шундай ҳолатлар учрайдики, унинг бошига бирор кулфат тушмагунча, бу ҳақида бош қотириш хаёлига ҳам келмайди. Аҳолининг асосий мол-мулки бўлган уй-жойи турли хатарлардан қонун йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ва унинг йўналишларини янада такомиллаштириш фуқароларнинг турмуш даражасини оширишда устувор саналади, – дейди С.Маҳмудов. – Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 5 ойида ёнғиндан 67 миллиард сўмдан зиёд зарар кўрилгани ушбу масала нақадар долзарб аҳамият касб этишини билдиради.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечираётгани, ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланаётганлигини таъкидлаб ўтган эди. Қолаверса, 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб номланиши шахснинг қадр-қиммати, мол-мулкини турли хатарлардан ҳимоя қилувчи субъектларга ҳам қатор вазифа ва масъулиятни юклади.
Шундан келиб чиқиб, республикада фавқулодда вазиятлар (табиий, техноген хусусиятли ҳамда ёнғинлар)нинг олдини олиш, профилактик тадбирларни ташкил этиш, жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта маданиятини ошириш бўйича 2023-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликдаги амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Дарҳақиқат, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида моддий фаровонлик ортмоқда. Кадастр агентлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 14 декабрь ҳолатида 6 миллиондан зиёд якка тартибдаги уйлар, деярли 1,5 миллион кўп қаватли уйларда квартиралар давлат рўйхатига олинган.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида уй-жой суғуртаси турли тасодифий ҳодисалар, хатар ва қалтисликлар оқибатида аҳолини фавқулодда йўқотишлардан ҳимоя қилишнинг ижтимоий-иқтисодий механизми ҳисобланади. Бу эса давлатнинг иқтисодий манфаатдорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Ўз навбатида дунё бўйлаб табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, ёнғин ва техноген ҳолатлар оқибатида зарар кўрган уй-жойларни тиклаш жуда катта харажатни талаб қилади. Айни шу харажатлар давлат бюджетига қўшимча юк бўлаётганлиги уларни бартараф этишга муқобил молиявий манбаларни жалб қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳозирда қатор мамлакатлар – Янги Зеландия, Руминия, Туркия ва яқин қўшнимиз Қирғизистонда аҳоли уй-жойларини ёнғин ва бошқа хатарлардан мажбурий суғурталаш институтидан кенг фойдаланилиш яхши йўлга қўйилган, тегишли қонунлар қабул қилинган.
Натижада, қайд этилган давлатларда аҳоли мулкини турли хатар ва қалтисликлардан ҳимоялаш қамрови 19 фоиздан 50 фоизгача ва баъзи мамлакатларда унданда юқори кўрсаткичларни ташкил этади. Ушбу мамлакатларда бошига кулфат тушган аҳоли ва унинг мол-мулки бозор тамойилларига мос равишда ижтимоий ҳимояда бўлиб, давлат бюджетига юк бўлиш эҳтимолини сезиларли камайтирди, иқтисодиёт учун зарур бўлган инвестицион ресурслар жамғарилишига имкон яратилди. Шунинг учун ҳам иқтисодчилар кенг маънода бундай ҳимоялашни ижтимоий стабилизатор, иқтисодий амортизатор сифатида эслатишади.
Таҳлил қиладиган бўлсак, 141 моддадан иборат “Уй-жой кодекси”нинг нормасида уй-жойларни турли табиий офат, қалтислик ва хатарлардан ҳимоя қилиш масалалари ёритилмаганлиги соҳада ҳали амалга оширилиши керак бўлган масалалар борлигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, бугун фуқароларимизнинг бу соҳадаги ҳуқуқий маданияти ва иқтисодий саводхонлигини янада ошириш, институционал масалаларни ҳал этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, уларнинг уй-жойларини ҳимоялаш масаласида қилиниши лозим бўлган мақсадли ишлар давом этмоқда.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
ёзиб олди.