Тошкент вилояти судида “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишда нотариат органларининг ҳамкорлиги” мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрь куни имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида ташкил этилди. Унда Тошкент вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ва вилоятда фаолият юритаётган нотариуслар, ҳуқуқшунос мутахассислар иштирок этди.

Асосий эътибор фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат тизимининг ўрни, ҳуқуқий амалиётдаги муаммоларни таҳлил қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига қаратилди.

Мулоқотлар давомида суд ва нотариат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, фуқароларга кўрсатилаётган нотариал хизматлар сифатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Фуқароларни қийнаётган ва айрим йўналишлардаги учраётган муаммоларга ечим топиш борасида таклифлар айтилди.
– Тадбирда нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ ишлар таҳлил қилиниб, мазкур йўналишда мурожаатлар сони ортиб бораётгани ҳақида маълумотлар берилди. Бу ҳолат фуқароларнинг нотариал жараёнларнинг ҳуқуқий аҳамияти ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги ва айрим ҳолларда нотариуслар томонидан битим тарафларининг ҳақиқий иродаси тўлиқ аниқланмаслиги билан изоҳланиши қайд этилди. Шу боис ҳам ушбу семинар долзарб аҳамият касб этади. Келгусида мазкур соҳаларда аҳолига қулайлик яратишни мақсад қилганмиз, – дейди Тошкент вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Дилбар Мавлонова.

Тадбир якунида шу тоифадаги ишлар бўйича қонун нормаларини бир хил қўллаш, суд ва нотариал амалиётдаги мавжуд тафовутларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, суд ва нотариал идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ягона амалиётни шакллантириш ҳамда ҳуқуқни қўллашда бир хил ёндашувни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А. Мусаев, ЎзА