«Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Жумладан, Фуқаролик кодекси ҳамда «Гаров тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритиляпти. Масалан, Фуқаролик кодексининг 197-моддасидаги «мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади» деган сўзлар «қонунда белгиланган асосларга кўра мулк ҳуқуқини бекор қилишга олиб келувчи қонунчилик ҳужжатига мувофиқ бекор бўлади» деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида ушбу ўзгартишлар муҳокама қилинди. Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларида мулк ҳуқуқи кафолатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳада давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси кенгайтириляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА