Шу йилнинг ўтган олти ойи давомида парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, кам таъминланган, пенсионер ва ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Жумладан, фракция аъзолари 1 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. Жойларда 38 та қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар ташкил этилиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 120 га яқин таклиф қонунларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.
Бу ҳақда фракциянинг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
– Ўтган даврда фракциямиз ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги дастурларнинг ижроси ҳамда ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган 1 та “Ҳукумат соати” ўтказилди, – деди фракция аъзоси Мавжуда Ҳасанова. – Депутатлар жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратди. Фракциямиз аъзолари томонидан долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 24 та депутатлик сўрови юборилди. Депутатлар томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда 12 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, жойлардаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда ҳал этишда фракциямиз билан партиянинг ўзаро алоқалари ҳам муҳим ўрин тутади. Партиямиз томонидан амалга оширилаётган “Депутат – маҳаллада”, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш”, “Депутат ва ёшлар учрашуви” ва бошқа шу каби лойиҳалар доирасида ўзаро ҳамкорликда муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди депутат ўз ахборотида.
Шунингдек, брифингда фракциянинг бошқа йўналишлардаги фаолияти юзасидан ҳам батафсил маълумот берилди.
М.Комилова, ЎзА