Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчириш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ўрнатилмаган
15:51 / 2020-11-19

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда парламент юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди.

“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни шулар жумласидандир.

Қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда. Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда.

Қолаверса, қонунга мувофиқ, Геном бўйича давлат рўйхатига олиш ихтиёрий ва мажбурий равишда рўйхатга олиш тарзида амалга оширилиши, геномга оид ахборотни олиш, унга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари белгиланаётгани тўғрисида сўз юритилди.

Бундан ташқари, мажлисда мамлакатимизда тошқин сувлари, сел оқимлари ҳамда кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Аҳоли билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчириш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудлардаги 602 та хўжаликдан 117 таси, ушбу хўжаликларда истиқомат қилаётган 2 минг 476 нафар фуқародан 624 нафарини хавфсиз ҳудудга доимий яшаш учун кўчириш лозимлиги аниқланган бўлса-да, биргина 2020 йилнинг ўн ойи якунига кўра, фақатгина 9 та хўжаликнинг 59 нафар фуқароси доимий яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилган, холос.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектларни тошқин сувлари, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш мақсадида мутасадди идора раҳбарларига киритилган тақдимнома ва кўрсатмаларга юзаки ёндашиш, ижросини тўлиқ таъминламаслик ҳолатлари мавжуд.

Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан 2020 йилда киритилган 41 та кўрсатманинг 6 таси ижроси бажарилмаган, 18 тасининг ижроси эса қисман бажарилган.

Яна бир жиҳат. Дарёлар ва сойлардан ўзбошимчалик билан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши натижасида дарё ва сой ўзанлари чуқурлашиб, сув оқимлари тезлашиб, қирғоқлар ювилиши, дамбалар бузилиши, кўприкларнинг таянч устунлари емирилиши кузатилиб, дарё қирғоғига яқин масофада яшовчи аҳоли хонадонлари ва иқтисодиёт объектларига хавф юзага келмоқда, автомобиль кўприклари муддатидан олдин авария ҳолатига келиб қолмоқда.

Бунинг натижасида Андижон, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 300 га яқин аҳоли хонадонларига хавф юзага келган. Қолаверса, тошқин сувлари, сел оқимларидан зарар кўрган маҳаллий йўллардаги ички кўприкларни таъмирлаш, қайта тиклашда муаммолар мавжуд.

Шу жиҳатдан сенаторлар томонидан мамлакатимизда тошқин сувлари, сел оқимлари ҳамда кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА