Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқароларимиз конституциявий ислоҳотлар жараёнида жуда фаол
15:04 / 2022-06-08

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифи илгари сурилганди.

Жорий йилнинг 17 май куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳар икки партия фракцияларининг қўшма йиғилишида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси маъқулланган. 

Шундан сўнг Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича халқимиз   томонидан фикрлар, таклифлар билдирилмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан  “Конституциявий ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти институтлари: таклиф ва тавсиялар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

Таъкидландики, бугунги кунда умумхалқ орзуси, истаги, мақсадини рўёбга чиқаришга йўналтирилган конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси том маънода халқимизнинг барча табақалари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Конституцияни такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик томонидан Конституциявий комиссияга ҳар соатда келиб тушаётган кўплаб амалий таклифлар ҳам бундан далолат беради.  

Конституциявий комиссия таркибида барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, жумладан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар фаол ишламоқдалар. 

– Бугунги кунда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни кенг жамоатчилик, айниқса, халқимиз жуда яхши кайфиятда кутиб олди, якдиллик билан қўллаб-қувватлаган ҳолда ташкил этилган Конституциявий комиссияга соат сайин ўз таклифларини йўллашмоқда, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Машарипов. – Шу жумладан, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам Конститутцияда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш, фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида ўз таклиф ва тавсиялари билан чиқишмоқда.   

Хусусан, ҳудудларда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси томонидан конституциявий ислоҳотлар тарғиботига бағишлаб ўтказилган тадбирлар давомида ННТлар вакиллари ва фуқаролардан юздан ортиқ таклифлар келиб тушди. Таклифларда асосан фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, таълим соҳасини ривожлантириш ва бошқа ижтимоий масалалар ўрин олган.  

Бу шундан далолат берадики, фуқароларимиз бу жараёнларда жуда ҳам фаол. Бош қомусимиз бизнинг келажагимиз, ютуқларимиз, олдимизга қўйган катта-катта орзу умидларимизнинг ҳуқуқий пойдевори эканлигини чуқур ҳис қилишяпти. 

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, фуқаролик жамияти концепциясининг конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланиши фуқаролик жамиятининг мақомини янада оширади. Айни дамда фуқаролик жамияти  – конституциявий давлатнинг ажралмас атрибути (унинг мақсади) ҳисобланган ижтимоий жамиятнинг идеал стандарти эканлигини таъкидлаш муҳим.  

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш каби ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифалар эканлиги алоҳида эътироф этилди.  

Ҳуқуқшунослар, олимлар, тажрибали ННТ вакиллари муҳокамасидан ўтган таклифлар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.  

Нигора Раҳмонова, ЎзА