Фуқароларга жарима белгиланди
Ов қилиш талабларининг бузилишини олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан доимий равишда назорат рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Аммо, шунга қарамасдан ов қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда.
Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида Олот туман инспекторлари томонидан чўл ҳудудларида назорат рейд тадбирлари олиб борилди. Рейд тадбири давомида, уч нафар фуқаро ноқонуний равишда ов қилаётганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Олот туман суди тергов судьяси Ж.Хусенов томонидан кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра уч нафар фуқаронинг ҳар бирига 750 000 сўмдан жарима белгиланди ҳамда ов қуроллари давлат фойдасига мусодара қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.