Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқароларга зарар етказиб келган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди
12:14 / 2026-01-26

Ижтимоий тармоқларда “Андижонда фейк ментлар ушлангани” ҳақида хабарлар тарқалди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматига мурожаат қилиб, хабарга аниқлик киритдик. 

Маълум қилишларича, фуқаролар ҳаётига хавф солиб, соғлиғига зарар етказиб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатиб келаётган уюшган жиноий гуруҳлар пайдо бўлган.

Aйни шу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ДХХ билан ҳамкорликда Aндижон вилоятида фуқароларга қурол ва тиғли жисмлар билан таҳдид қилиб келган уюшган жиноий гуруҳни қўлга олган. 

Жиноий гуруҳ аъзоларидан бири – лақаби “Ҳожи” бўлган, 1995 йилда Андижон шаҳрида туғилган А.М.А. бўлиб, муқаддам Жиноят кодексининг 165 ва 176-моддалари билан судланган. 

Лақаби “Муфтий” бўлган, 1995 йил Aндижон шаҳрида туғилган Ш.А.М. ҳам Жиноят кодексининг қатор моддалари билан судланган.  

“Ҳожи” ва “Муфтий” айни пайтда қидирилмоқда. 

Уларнинг жиноий шериклари, лақаби “шайтон” бўлган Ж.Ж.О. ҳамда A.А.М ва Ю.Ж.Т.  ўзаро тил бириктирган.

Гуруҳ крипто-активлар айирбошлаш билан шуғулланиб юрган шахсни обдон кузатиб юрган. Сўнгра унга қўнғироқ қилиб, мижоз эканликларини билдириб, Андижон шаҳридаги супермаркетлардан бири олдига чақиришган. Уни “Дамас” русумли автомашинага ўтқизиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими, деб таништирган.

Крипто-активлар ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб юрганидан хабардор эканликлари, агар бирга ишловчи танишидан тегишли крипто-ҳамён ҳисоб рақамига 150 минг АҚШ доллари ўтказиб бермаса, жиноий жавобгарликка тортилишини айтиб қўрқитган.  

Қурол ва ўткир тиғли жисмлар билан жабрланувчини ўз мулкини беришга мажбур қилган ҳолда қийноққа солишган. Шу тарзда 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптовалюталарни товламачилик йўли билан ўзларига тегишли крипто-ҳамёнга ўтказишга эришган. 

 Мазкур ҳолат юзасидан бу жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 176-моддаси 3-қисми “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Ушбу жиноий гуруҳ томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари натижасида гуруҳ аъзоси бўлган 2000 йилда Андижон шаҳрида туғилган Ю.О.Ю. га ҳам жиноят иши қўзғатилди. 

Бу шахс муқаддам Жиноят кодексининг 168, 166, 165, 164-моддалари билан судланган. У аёл кишига куч ишлатиб,  танасининг турли жойларига тан жароҳати етказиб, “Iphone 16 pro max” русумли телефон аппаратини тортиб олгани, 10 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини талаб қилиб олгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.  

Спортнинг бир нечта турлари билан шуғулланиб келган бу тўда кўчада оддий фуқароларга зўравонлик кўрсатиб келган. Гуруҳ аъзолари чет элларда ҳам бир нечта жиноятлар содир етиб инсонлар ҳаёти ва соғлигига жиддий зарар етказгани маълум бўлди. 

 Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ўзини қози деб ҳисоблаб, қонундан устун бўлмоқчи бўлган жиноий тўдалар фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари чек қўймоқда. 

Норгул Абдураимова,

ЎзА