Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида меҳнат миграциясига оид масалалар хусусида сўз борди.
Таъкидланишича, республикамизда 14 та «Ишга марҳамат» моно-маркази, 136 та маҳалладаги касбга ўқитиш маскани, 30 та касб-ҳунар коллежи ва бошқа марказлар, жами 191 та касбга ўқитиш марказидан иборат тизим яратилди.
Ушбу марказлар орқали ҳар бир фуқарони ташкилий тартибда хорижга йўналтирилаётганда уларнинг бирор-бир касбга эгалигини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилади.
Касбга ўқитишдан асосий мақсад — фуқароларни юқори маош таклиф этиладиган, меҳнат муҳофазаси кафолатланадиган иш ўринларига йўналтиришдан иборат.
Тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган, чет элдан қайтиб келган фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш жамғармаси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш белгиланди. Мазкур маблағлар янги тадбиркорнинг дастлабки 3 ойдаги ижара тўловларини тўлаш (жойларни ижарага олган бўлса), уларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш каби чораларга қаратилади.
Жорий йилдан бошлаб қонунчиликда «ўзини-ўзи банд қилган шахслар» тушунчаси киритилди. Бу орқали чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фукаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобда туриши, ихтиёрий равишда ижтимоий тўловни тўлаши билан расмий ҳисобда туришлари таъминланади.
Чет элда даромад қилиб қайтган, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобда турган мигрантлар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг тадбиркорликка жалб қилинади ва тадбиркорлик истагида бўлганларга имтиёзли кредит ажратилади.
Чет элда ишлаётган фуқаролар қанча даромад олишидан қатъи назар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА