Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари давлат бюджети устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади
15:21 / 2023-04-14

Муносабат

30 апрель куни барча юртдошларимиз, аввало, мамлакатимиз, қолаверса, ўз келажаклари фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш борасида танловларини амалга оширади.

Айтиб ўтиш жоизки, янгиланаётган Конституцияга ўзгартиришлар ўтган бир йил давомида юртдошларимиз ҳамда соҳа мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари экспертлари томонидан берилган таклиф ва тавсиялар ҳамда сўнгги олти йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар асосида киритилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда жамиятда шаклланган сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати каби тушунчалар илк бор Бош қомусимизда норма сифатида акс эттирилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 148-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгилаб қўйилмоқда.

Яъни фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари илк бор қонун билан белгиланмоқда. Бу эса, жамиятимизда ушбу институт фаолияти янада такомиллашиши, фуқароларимиз бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида фаол иштирок этиши янада кенгайишига хизмат қилади. Натижада ҳар бир ажратилган маблағ вақтида ва ўз жойида самарали ишлатилиши таъминланади.

Шу билан бирга, жойларда жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим бўғин бўлган маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам бу борадаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. 122-моддада Халқ депутатлари Кенгашларига тегишли маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, эндиликда Давлат бюджетининг қабул қилинишидан тортиб унинг сарфланишигача бўлган жараён бевосита фуқароларимиз иштирокида жамоатчилик назорати тартибида кузатиб борилади. Бунинг учун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қиладиган ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил қилувчи ҳуқуқий асос яратиб берилмоқда.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА