Президентимизнинг Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонасига жорий йилнинг биринчи чорагида келиб тушган 520 та ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг 446 таси қаноатлантирилган.
Одамларнинг эҳтиёж ва муаммоларини ҳал этишда Халқ қабулхоналарининг иш услуби такомиллашмоқда. Жумладан, Халқ қабулхонаси ходимлари хонада ўтириб эмас, балки жойларга чиқиб сайёр қабул ташкил этиш, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда, соҳадаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда фаол иштирок этаётир. Ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш доимий эътиборда.

– Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ жорий йил апрель ойига қадар Қоракўл тумани Халқ қабулхонасига фуқаролардан уй-жой масаласида 10 та, моддий ёрдам, турли ижтимоий масалаларда 60 та, коммунал соҳа, таълим, тиббий ёрдам ва бошқа масалаларда 110 та мурожаатлар бўлди, – дейди Бухоро вилояти Қоракўл тумани Халқ қабулхонаси мудири Авлиёқул Оққиев. – Бу мурожаатларнинг 120 таси ижобий ҳал этилиб, жараёндаги мурожаатларнинг бажарилиши назоратга олинган.
– Оилавий яшаш шароитим оғирлиги, оиламда ногирон фарзандим борлиги сабабли туман халқ қабулхонасига мурожаат қилдим, – дейди фуқаро М.Отамуротов. – Яшаш уйим зарар кўриб, яроқсиз, хавфли, авария ҳолга келиб қолган эди. Ушбу масалада бир неча маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади. Уй-жойимни таъмирлашга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Уй-жойимни таъмирлаш ва қуриш ҳамда моддий ёрдам ажратиш бўйича мурожаатим ижобий ҳал қилинди.
Фуқаро А.Абдикаримов инсульт касаллигига чалинганлиги сабабли, ордер олиш учун 2021 йил август ойида туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилсада, ҳеч натижа бўлмаган. Натижада мазкур масалада амалий ёрдам сўраб туман халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Халқ қабулхонасининг аралашуви натижасида фуқаро тиббий текширувдан ўтказилган. Вилоят клиникаларида даволаниши учун ордер берилиб мурожаати ижобий ҳал қилинган.

– Ногиронлик нафақаси олиш учун ҳужжатларимни топширганман, –дейди фуқаро О.Турсунов. – Ҳозирги кунга қадар ишим ҳал бўлмади. Шунинг учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Натижада тиббий текширувдан ўтдим. Ҳужжатларим расмийлаштирилди. Ногиронлик нафақаси тайинланди.
Жорий йил давомида 85 марта аҳоли ва ёшлар билан “Сектор раҳбарлари ва ёшлар”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Муаммо ва ечим” каби мавзуларда учрашув ва сайёр қабул ўтказилди. Бу тадбирларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларига ўз вақтида ечим топилмоқда. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ни шакллантириш, унга аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини киритиш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлашда ҳам ўзаро ҳамкор ташкилотлар билан уйма-уй юриб, хатлов ишлари амалга оширилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА