English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар ўз маҳалласига дахлдорлик туйғусини намоён этмоқда
19:10 / 2022-05-16

Сурхондарё вилоятида ҳам фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юқори савияда бошланди. Жорий йилнинг 16 май санасидан июнь ойининг дастлабки ўн кунлигига қадар бўлиб ўтадиган сайловда 721та маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланади.

Сайловни ошкора, шаффоф ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуни доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоят штаби, маҳаллаларда ишчи гуруҳлари тузилди. Мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига ҳудудда обрў-эътиборга эга, оиласи намунали бўлган 2 минг 344 нафар номзодлар рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 2 минг 228 нафари олий маълумотга эга. 

Термиз шаҳридаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайлов давлат мадҳияси билан бошланди. Ишчи гуруҳ мутасаддилари фуқаролар йиғинларининг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ҳуқуқий демократик жамият қуришдаги ўрни, маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловининг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Раисликка номзодларнинг сайловолди дастурлари тинглангач, фуқаролар ўзлари муносиб кўрган номзодга овоз берди. 

Маҳалла ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирда 14та кўчадан иштирок этиши кутилган 338 вакилнинг 300 га яқини қатнашиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этди. 

– Маҳалламиз кейинги йилларда ҳар тарафлама ривожланиб, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бормоқда, – дейди Шодлик маҳалласида яшайдиган Чори Шоймуродов. – Кўп қаватли замонавий уйлар, хизматлар кўрсатиш нуқталари, ижтимоий соҳа обьектлари бунёд этилмоқда.

Янги  иш ўринлари яратилаётир. Албатта, бунда маҳалла фаолларининг ўз ўрни бор. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳалла раиси биз билан маҳаллий ҳокимлик ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Дарду-ташвишимизни давлат бошқарув органларига етказади. Бугунги сайловда ана шу ишларни янги босқичда давом эттиришга энг муносиб номзодни ёқлаб овоз бердим. 

Шунингдек, бугун Термиз шаҳридаги “Ўзбекистон”, “Бўстон” ва “Сурхон соҳили” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам сайлов уюшқоқлик билан ўтказилди. 

–Сайловни шаффоф ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди  фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси масъул котиби Олтибой Остонақулов.– Жорий йилги сайлов ёпиқ овоз бериш орқали ўтказилаётгани билан ҳам олдингиларидан фарқ қилмоқда. Бу тартиб фуқароларнинг ўз танловини эркин амалга оширишига қулай имконият бўлди. Бунинг учун барча сайлов участкаларида етарли шароит яратилди. Сайловнинг дастлабки кунида вилоятдаги 62 та маҳалла раиси муқобиллик асосида сайланди. 

Вилоятда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови белгиланган график асосида давом этади.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА