Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ҳолатларининг олди олинади
11:53 / 2025-01-14

Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала — кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

Иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузганлиги учун жавобгарлик белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

 — Бугунги кунда фуқароларга уларнинг иштирокисиз, хабарисиз ёки розилигисиз кредит ажратиш орқали уларнинг пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда, — деди депутат Дилмурод Исмоилов. — Бу фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида ортиқча овворагарчиликларни юзага келтиряпти. Шу боис жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқлари белгиланмоқда.  

 Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳадаги кредит бюроларга нисбатан Марказий банк томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳамда Марказий банкнинг кредит бюролари фаолиятини тартибга солишга доир ҳуқуқий нормаларга таҳририй ва аниқлаштирувчи тузитишлар киритилди.  

 Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолларининг олдини олиш ҳамда кредит бюролари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.  

 Муҳтарама Комилова,

ЎзА