2025 йил давомида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаролардан жами 3 350 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг аксарияти савдо, коммунал хизматлар, банк ва молия, алоқа ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига тааллуқли бўлган.
Ўрганиш ва текширувлар натижасида кўплаб ҳолатларда истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, нотўғри ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилиб, фуқаролар фойдасига 29,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, айрим тадбиркорлик субъектларига қонунчилик талаблари тушунтирилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу эса келгусида шундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фуқароларнинг мурожаатлари нафақат муаммони ҳал қилиш, балки хизматлар сифатини яхшилаш ва бозорда соғлом рақобатни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда мутасадди идораларга мурожаат қилишдан тортинмаслиги лозим.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА