Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий шаҳрида сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда 53 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Мурожаатларнинг 36 таси жиноят, 10 таси фуқаролик, 3 таси иқтисодий ҳамда 4 таси маъмурий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди. Шунингдек, 47 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати қабул қилинди.
Қабул қилинган мурожаатларнинг 23 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 30 та мурожаат қаноатлантирилди.

Сайёр қабул давомида судлар томонидан сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан тақдимнома ва илтимосномалар асосида озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкум жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 5 нафар фуқарога нисбатан тайинланган жазолар енгилроғи билан алмаштирилди. 47 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоларини енгил тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 30 та алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. 1 нафар асоссиз равишда ишдан бўшатилган фуқаро ишга тикланди. 7 нафар фуқаронинг қатъий алимент ундириш юзасидан даъво аризалари қаноатлантирилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан эса 15 та тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари бўйича талаблари қаноатлантирилди ва даъвогарлар ҳисобига қарийб 1 миллиард 349 миллион сўм ундирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, сайёр қабулда фуқаронинг суд буйруғига нисбатан берган эътирозномаси қаноатлантирилиб, асоссиз равишда ҳисобланган 21 миллион 36 минг 525 сўмлик солиқ қарздорлиги бекор қилинди.

Албатта, бу каби оммавий сайёр қабулларнинг ўтказилишидан мақсад фуқароларни узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир муаммоларига қонуний ечим топиш ҳамда халқни рози қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали одил судловга эришишдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири