Шу кунларда Республика ишчи гуруҳи таркибидаги Адлия вазирлиги ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги масъуллари томонидан жойларда ўрганишлар амалга оширилмоқда.
Ўрганишда аниқланишича, туманда яшовчи фуқаро, собиқ нон заводи ишчиси Закира Каратаева узоқ йиллардан буён ижарада юриб, ўзининг қонуний эгалик қиладиган уй-жойига эга бўлмаган. Бунга асосий сабаб, бу фуқаро эгалигидаги хонадон муқаддам давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб ташланган. Натижада ўзининг уйи ўрнига бошқа уй-жой берилмаган.

2025 йилнинг 22 октябрь куни, қарийб орадан 40 йил ўтиб “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига асосан фуқаро З.Каратаевага Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарори билан ҳозирда ўзи ижарада яшаб турган хонадон хусусийлаштириб берилди. Эндиликда Каратаева ушбу хонадонга ҳеч бир монеликсиз эгалик қилади.
Ушбу ҳолат Янги Ўзбекистонда қонун устуворлиги таъминлангани, “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг аҳамияти янада юқори эканининг ёрқин мисолидир. Масъуллар билан суҳбатда фуқаро бу хайрли ишдан хурсанд эканини билдирди ва барчага миннатдорлик билдирди.
А. Мусаев, ЎзА