Сирдарё туманидаги Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг шу бугунига қадар 3816 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1989 таси ёки 52 фоизи ижобий ҳал этилди. Мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 502 тага камайиб, 12 фоизлик пасайиш қайд этилди.
– Аҳоли мурожаатлари асосан тергов ҳаракатлари, иш билан таъминлаш, суд ҳужжатлари, алимент ундириш, йўлларни таъмирлаш, ҳуқуқбузарликлар, даволаниш ордерлари, ичимлик суви тўловлари, имтиёзли кредитлар ва электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ масалаларни қамраб олган, – дейди Сирдарё туман Халқ қабулхонаси мудири Турсунбой Каримов.

Шу давр мобайнида Сирдарё туманидаги ташкилот раҳбарлари томонидан 163 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, 318 дан ортиқ фуқаро мурожаати тингланди. Улардан 241 таси (75%) ижобий ҳал этилди, 52 тасига тушунтиришлар берилди, қолганлари эса назоратга олинди.
Муаммоларни жойида ҳал қилишга қаратилган сайёр қабуллар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган маҳаллаларда ҳам фаол ўтказилмоқда. Ижобий ҳал этиш имкони бўлмаган масалаларни вилоят ва республика даражасида ҳал этиш бўйича чоралар кўрилмоқда ва жамоатчиликка тегишли маълумотлар мунтазам етказиб борилмоқда.

Юртимизда давлат идоралари фаолиятида халқ манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис Сирдарё туман Халқ қабулхонаси аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этиб, мурожаатларнинг ечимига катта эътибор қаратувчи марказга айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири