Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳрида оммавий сайёр қабул ўтказди. Унда сектор раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирокида аҳоли томонидан билдирилган соғлиқни сақлаш, моддий кўмак, уй-жой ва ижтимоий муаммолар, коммунал, бандлик, тадбиркорлик ва кредит олишга доир катта-кичик масалалар кўриб чиқилди.
Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ шаҳарлари ва Оҳангарон туманидан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари тингланди. Вилоят ҳокими уларнинг ҳар бирига ўз муносабатини билдирди. Аҳоли томонидан билдирилган ижтимоий ёрдам, тиббий хизмат, кредит таъминоти, бандлик, коммунал хизматлар, ер-кадастр ва тадбиркорлик ташаббусларига оид кўплаб мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ҳудудда яшовчи Муяссар Иззатиллаева ёлғиз аёл экани, бир нафар қизини моддий таъминотида қийналаётганини баён қилди. Унинг мурожаати назоратга олиниб 6 миллион сўм амалий ёрдам сифатида бериладиган бўлди. Васила Мирқосимовага ҳам 6 миллион сўм моддий ёрдам ажратиш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма берилди. Шунингдек, Гулмира Ҳотамовага қизини даволатиши учун шифокорлар хулосасига асосан 12 миллион сўм маблағ бериладиган бўлди.
Сайёр қабулда шу каби мурожаатларни ўз жойида ҳал этиш мақсадида 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратиш юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳудуддаги "Шодмалик" маҳалласи аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш учун 300 миллион сўм бериладиган бўлди.
Эътиборлиси қабулга келаётганлар орасида миннатдорлик билдириб қўйиш истагида бўлган фуқаролар ҳам бўлди.
А.Мусаев, ЎзА