Хоразм вилоят суди ташаббуси билан Нотариал палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда суд ва нотариатнинг ўрнига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда вилоят суди раиси в.в.б. А.Маткаримов, Нотариал палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Раҳмонова, судьялар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирок этишди.
Семинарда асосий мавзу Олий суд ва Ўзбекистон нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрда имзоланган “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда суд ва нотариатнинг ҳамкорлиги тўғрисида”ги келишувда назарда тутилган масалалар ҳамда мазкур йўналишда суд амалиётида вужудга келаётган муаммолар ечими бўлди.
Мулоқотларда фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва нотариат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, ушбу жараёнда очиқлик, шаффофлик, самарадорликни таъминлаш борасида бажарилиши керак бўлган ишлар таъкидланди.
– Мулоқотда судьялар томонидан суд амалиётида учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, нотариуслар фаолиятида йўл қўйилаётган айрим камчиликлар тушунтирилди, – дейди Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти Бунёдбек Ҳусинов. – Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди томонидан нотариал тартибда расмийлаштирилган битимларни ҳақиқий эмас, деб топиш ва бекор қилиш ҳақида 2024 йилда 21 та иш кўрилган бўлса, уларнинг 3 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган ва 2 таси кўрмасдан қолдирилган. 2025 йилнинг 9 ойи давомида эса 8 та ана шундай ишлар кўрилган ва 2 таси қаноатлантирилиб, 5 таси рад қилинган. Биттаси кўрилмасдан қолдирилган. Кўрилган ишлар ичида, айниқса, ҳадя ва олди-сотди шартномаси каби битимлар ҳамда эр-хотиннинг биргаликдаги турмуши даврида олинган мулкларни тасарруф этиш, бундай мулклар юзасидан ворисликка оид қонунчиликни қўллаш, меросни эгаллаш сингари масалалар кўп учрайди.
[gallery-25986]
Семинарда сўзга чиққанлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариал идораларнинг ўрни, нотариал ҳаракатларга оид низоларни судгача ва судда ҳал этилишида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари борасида ҳам фикр билдиришди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари