Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизнинг порлоқ истиқболи ва тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди, муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шу ўринда бу йилги мурожаатнома аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу масалада юртбошимизнинг ўзи келгусидаги ҳар бир вазифани амалга ошириш масаласининг мураккаблиги нафақат мамлакатимизнинг ички сиёсати, давлат органларининг бевосита фаолияти ёки фуқароларнинг бу йўналишдаги иштироки, балки мураккаб жараёнлар, жумладан, ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар, қолаверса, халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солиши жараёнлари билан кечишини таъкидлади.
Мурожаатномада Юртбошимиз жамиятимиз ривожидаги устувор йўналиш ва вазифаларни, хусусан, аҳолининг энг қуйи қатламини қийнаётган муаммолардан тортиб то давлат бошқарувининг энг юқори пағонасида мавжуд бўлган камчилик ва хатоликларни бартараф этиш, айримларининг ҳуқуқий асосларини тубдан ислоҳ этиш, бошқарувнинг янги механизмларини жорий этиш таклифини илгари сурди.
Шунингдек, самарасиз бошқарув усулларидан воз кечиш, аҳолининг тумуш фаровонлиги учун зарур бўлган тоза сув таъминоти, йўл қурилиши, сифатли таълим, малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонун билан белгилаш каби масалаларни амалга оширишнинг аниқ ва лўнда шакл ҳамда механизмларини кўрсатиб берди.
Барча даврларда ҳам инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги энг улуғ неъмат бўлиб келган. Шу маънода мурожаатноманинг учинчи йўналишида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигига оид устувор вазифалар мамлакатимиз тараққиётининг келгуси босқичида суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатишга хизмат қилади.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кўп иш қилинган бўлса-да, ечимини топмаган айрим муаммолар шу кунга қадар одил судлов ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда қатор сунъий муаммоларни келтириб чиқармоқда эди. Масалан, Конституциямизда хусусий мулкнинг дахлсизлиги белгиланган бўлса-да, қонунларда прокурорга мулкдорнинг ҳуқуқларини чеклаш ваколати берилганлиги бу борада муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши, мулк ҳуқуқининг нафақат конституциявий ҳимоясини балки процессуал ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.
Мурожаатномадаги яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш ўринли. Эндиликда процессуал қонунга ўзгартириш киритилиши асосида судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши белгиланди. Бу механизм ҳатто, демократик жиҳатдан ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам учрамайдиган жиҳатдир. Бу албатта, одил судловни амалга оширишга масъул бўлган судларга бу борадаги мажбуриятларни амалга ошириш, ҳар бир ҳолатга объектив баҳо бериш ва вазиятни таққослаш имконини беради. Қолаверса, гумондорнинг ҳаракатларига бир томонлама баҳо беришда ҳимоя воситасига айланади.
Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари самарасиз бўлган дават ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларнинг электрон танлаш тизимини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди. Бу айрим натижа ва кўрсаткичлари паст бўлган, фақатгина процессуал тартибни таъминлашга хизмат қиладиган адвокатлардан эмас, шахснинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш учун астойдил кураша оладиган, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш салоҳиятига эга адвокатлар хизматидан фойдаланиш имконини беради.
Президентимиз ҳокимлар томонидан қабул қилинаётган айрим қарорларда ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, бунинг натижасида жамият ва фуқаролар манфаатларига путур етиши, муайян бир масала бўйича ҳокимларнинг суд идораларига таъсир кўрсатиш ҳолатлари учраб турганлигини таъкидлаб, эндиликда бу борада суд қарорларининг адолатлигини таъминлаш мақсадида маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб қилинган мурожаатлар экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриб чиқиш амалиёти жорий қилиниши адолат принципларини юзага чиқаришга, фуқароларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш албатта, қонун ҳужжатларига қатор ўзгартиришлар киритилишини, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва қўллаш амалиётига масъул бўлган шахслардан янада фидойи бўлиб ишлашни талаб этади. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”, деган ғоя билан чамбарчас боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Талантбек МАДУМАРОВ,
Андижон давлат университети факультет декани,
юридик фанлари доктори, профессор.
ЎзА