Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар фойдасига 22,1 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди
12:10 / 2026-02-09

2025 йилда Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлардан хонадон харид қилиш билан боғлиқ 1 700 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, фуқаролар фойдасига 22,1 млрд. сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати билан боғлиқ (42,9 фоиз), коммуникация тармоқлари (40,8  фоиз), уйларни ўз вақтида топширмаслик (16,3 фоиз)ни ташкил этган.

Қўмита томонидан 130 га яқин қурувчи–истеъмолчи шартномалари ўрганилиб, аксарият ҳолларда шартномаларда муҳим талаблар: қайта ҳисоб-китоб механизми, объектни топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат муддати ва нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари белгиланмагани аниқланди.

Шунингдек, шартномани бекор қилиш масаласида ҳам жиддий камчиликлар кузатилиб, кўп ҳолатларда шартлар фақат қурувчи манфаатларини ҳимоя қилган. Айрим шартномаларда тўловни қайтариш муддати асоссиз равишда 30-180 кундан 24-36 ойгача этиб белгиланган.

Бундан ташқари, айрим объектларда шартномалар “Агент” ёки “Тижорат вакили” орқали расмийлаштирилиб, қурилишга масъул қурувчи томонидан имзоланмаган ҳолатлар ҳам аниқланган. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига ва қурувчининг жавобгарлигини белгилаш имкони йўқолишига олиб келади.

Қўмита томонидан 120 та турар жой мажмуаси реклама ҳолати ҳам ўрганилиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган объектлар реклама қилингани маълум бўлди. Натижада қурилиш компаниялари ва реклама берувчиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди ҳамда қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган қурилиш объектларини реклама қилмаслик бўйича ОАВ ва реклама агентликларига огоҳлантириш хатлари юборилди.

Мазкур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган таклифлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишли назорат инспекцияларига тақдим этилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА