Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар фойдасига 13,7 миллиард сўм ундирилди
15:28 / 2022-04-20

Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси масъуллари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогер ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган тадбирда бошқарма бошлиғи Отабек Салманов жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.  

– Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан катта хажмдаги ишлар амалга оширилди, – дейди Отабек Салманов. – Умумий қиймати 653 миллиард сўмга тенг ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланди. Шундан, 282,2 миллиард сўмлик 26 мингта ижро ҳужжати бўйича кўрсатилган маблағларнинг ундирилиши таъминланди. Давлат фойдасига 156 миллиард сўм, 112,5 миллиард сўм ҳўжалик юритувчи субъектлар ҳамда 13,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағ фуқаролар фойдасига ундирилди. 

Презитентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 1 март куни ўтказилган видноселектор  йиғилишида алимент ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Ана шундан келиб чиқиб, Бюро органларида жорий йилнинг 21  февралидан 31 мартига қадар “Алимент ундируви ойлиги” ўтказилиб, ойлик доирасида алиментга оид ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг маълумотлари қайта хатловдан ўтказилди, “МИБ-портал” электрон дастурига киритилди. Унга кўра, вилоятда жами қарздорлар сони 30 минг 581 тани, қарздорлик суммаси эса 200 миллиард сўмни ташкил этди. 

Алимент тўловлари бўйича олиб борилган тадбирлар натижасида алимент ҳужжатлари сони 2 минг 253 тага, қарздорлик 70 миллиард сўмга камайтирилди, 11,8 миллард сўм алимент пуллари алимент олувчиларнинг карталарига ўтказиб берилди. Алимент тўлашдан бўйин товлаган 217 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилди. Судлар томонидан уларнинг 189 тасига маъмурий қамоқ, 1 тасига жарима белгиланди, 23 тасига оид иш суд томонидан белгиланган тартибда тугатилди.  
Алимент ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни ундириш билан бирга, бузилган оилаларни яраштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Олиб борилган саъй ҳаракатлар натижасида 2022 йил январь-март ойларида 2 минг 676 та оила яраштирилди. 

Президентимизнинг 2020 йил 24 октябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан, ўтган уч ой мобайнида давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи, яъни 7,4 миллиард сўм маблағ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди. 

Анжуманда ўтган уч ой ичида фаолияти давомида мунтазам  камчиликларга йўл қўйган, ижро интизомини бузган 30 нафар ходимга интизомий чоралар кўрилгани, 4 нафарига нисбатан жиноят иши очилганлиги қайд этилди. Шунингдек, анжуманда 2022 йил 11 апрелда қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти, мазкур қонун асосида амалга киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди. Шу билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.  
Оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.  

[gallery-6725]


Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА