Андижонда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси масъуллари, оммавий ахборот воситалари, матбуот хизматлари вакиллари, блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Аюбхон Алимов 2024 йилда амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этди.
– Якунланган 2024 йилда бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, – дейди Аюбхон Алимов. – Умумий қиймати 5,4 триллион сўмга тенг ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланди. Шундан, 254 мингта ижро ҳужжати бўйича 1,9 триллион сўм амалда ундирилди.
[gallery-21509]
Анжуманда ўтган йил давомида давлат фойдасига 841 миллиард сўм, хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 995 миллиард сўм ва фуқаролар фойдасига 100 миллиард сўм пул маблағлари ундирилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ 21 минг 727 та ижро иши бўйича 681 миллиард, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 3,6 миллиард сўм, жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ 450 та ижро иши бўйича 44 миллиард сўм амалда ундирилганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ 110 мингта ижро иши бўйича 67 миллиард сўм, шунингдек, суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 60 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 974 миллион сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди.
Анжуманда давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича 87,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ижтимоий ҳимоя ишларига йўналтирилиб, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилганлиги қайд этилди.
Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 1 минг 398 та оила яраштирилди, ишсиз бўлган 4 минг 150 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилди.
Алимент тўлашдан бўйин товлаган 1 минг 267 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилди, 106 нафарига судлар томонидан жиноят иши очилди.
Йил давомида Бюронинг вилоят бошқармаси, туман, шаҳар бўлимларига жисмоний ҳамда юридик шахслардан 15 минг 981 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 13 минг 660 таси ҳал этилди, 5 минг 737 таси қаноатлантирилди, 7 минг 923 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 5 минг 719 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига қарийб 18 миллиард сўм маблағ ундириб берилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари