Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
15:32 / 2025-10-24

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси С. Ниязов, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Ш. Шамамбетов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди раиси М. Сапаевлар Нукус шаҳридаги “Жаңа заман”, “Бес тобе”, “Жийдели байсин” ва “Жайҳун” маҳаллаларида фуқаролар билан учрашув ўтказишди.

Учрашувлар давомида фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар — ер ва уй-жой билан боғлиқ низолар, мерос, қарздорлик ва бошқа ҳуқуқий муаммолар юзасидан мурожаатлар билан чиқдилар. Суд раислари ҳар бир масалани алоҳида тинглаб, фуқароларга аниқ ҳуқуқий ечимлар ва амалий тавсиялар беришди.

— Бундай очиқ мулоқотлар фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, одамлар ўз муаммосига қонун доирасида ечим топиш мумкинлигини англаб етади, — деди Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси С. Ниязов.

Шунингдек, тадбирларда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Жумладан, 2025 йил 26 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Мазкур қонун орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ўзгартишлар амалга оширилгани таъкидланди. Шу билан бирга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий (маиший) зўравонликка қарши курашиш ҳамда бу каби ҳолатларда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Оиладаги зўравонлик жамият барқарорлигига таҳдид солади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ҳуқуқини билиши ва қонун асосида  ўзини ҳимоя қила олиши лозим, — деди жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг раиси Ш. Шамамбетов.

Фуқаролар бундай учрашувларнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, суд тизими вакилларига ўз миннатдорликларини изҳор этишди.  

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири