Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқарога 18 миллион сўм моддий ва маънавий зарар ундириб берилди
18:47 / 2025-02-02

Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Ш.М.нинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Фуқаронинг мурожаатида келтирилишича, у 2022 йилнинг 25 декабрь куни “TAILOR’S HOUSE - STUDY” нодавлат таълим муассасаси билан “Аёллар устки кийимларини лойиҳалаштириш ва моделлаштириш” тикувчилик таълим хизматларини онлайн тарзда ўрганиш учун шартнома тузган. Шартнома талабларига асосан тўланиши керак бўлган 4 миллион сўм пул маблағи ўз вақтида тўланган.

– “TAILOR’S HOUSE - STUDY” нодавлат таълим муассасаси ва фуқаро ўртасида тузилган шартноманинг 2.4.1 ва 2.4.3-бандлари бўйича фуқаронинг тингловчи сифатида курс бўйича таълим олишга ҳамда услубий материал, адабиётлар, ўқиш жараёнида таълим жараёни учун зарур бўлган асбоб ва материаллари ҳамда ўқув қуролларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқлари хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан таъминланиши белгиланган, – дейди Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Равшан Пардаев. – Аммо бу талаб бажарилмаган. Шунингдек, томонлар ўртасида тузилган шартномадаги қўшимча келишувга кўра, ташкилот фуқарога 200 соатлик онлайн таълим бериш мажбуриятини олган. Аммо фуқарога 2 йилга яқин вақт мобайнида шартнома бўйича назарда тутилган таълим дастурининг ҳаттоки 10 фоизи ҳам ўргатилмаган. Фуқаронинг хизмат кўрсатувчига қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилган, ҳатто унинг телефон рақамлари “блоклаб” ҳам қўйилган.

Олиб борилган ўрганишлар жараёнида хизмат кўрсатувчи томонидан фуқаронинг эътирозлари турли сабаблар билан рад этилгач, унинг манфаатини кўзлаб судга мурожаат қилинди.

Даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилди ва “TAILOR’S HOUSE - STUDY” нодавлат таълим муассасасидан фуқаро Ш.М.нинг фойдасига 18 миллион 38 минг сўм моддий ва маънавий зарар, шунингдек, 720 минг сўм давлат божи ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири