Сирдарё вилоятида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган назорат тадбирлари тобора кучайтирилмоқда. Боёвут туманида ўтказилган навбатдаги рейд давомида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Маълумотларга кўра, туманнинг “Ғалаба” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Б.С шоли қолдиқлари билан тўлдирилган ер майдонини ёқиб юборган. Шунинг натижасида ҳавога зарарли моддалар тарқалиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва аҳолининг соғлиғига хавф юзага келишига сабаб бўлган.
Экологик назорат инспекторлари томонидан ҳодиса жойида расмий баённома расмийлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддаси 3-қисми талабларига мувофиқ, фуқарога 1 миллион 236 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Мутахассислар таъкидлашича, шоли қолдиқлари ва қишлоқ хўжалигидаги бошқа органик чиқиндиларни ёқиш нафақат ҳаво сифатига, балки тупроқнинг ҳосилдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бундай хатти-ҳаракатлар натижасида атмосферага чиқадиган зарарли бирикмалар инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади.
Экологлар аҳолини шоли қолдиқларини ёқиш ўрнига улардан компост тайёрлаш, тупроқ унумдорлигини оширишда фойдаланиш ёки махсус пунктлар орқали экологик жиҳатдан утилизация қилишга чақиряпти. Мутахассислар фикрича, бундай ёндашув нафақат табиатни асраш, балки қишлоқ хўжалиги учун ҳам манфаатли ҳисобланади.
Вилоят Экология бошқармаси бундай назорат тадбирлари мунтазам давом этишини, қонунбузарликлар аниқланганда қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири