“Ўзэнергоинспекция”нинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида қоидабузарлик ҳолати аниқланди. Избоскан туманидаги “Анорзор“ маҳалласида яшовчи фуқаро И.С.га тегишли хонадонда ташкил этилган “бункер“дан газ таъминоти корхонасига қарашли 140 дона маиший газ баллони ноқонуний сақланаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу газ баллонлар аҳоли хонадонига имтиёзли равишда тарқатилиши лозим бўлган бўлиб, улар техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига зид ҳолда сақланган. Мазкур қоидабузарлик бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, инспекциянинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ўтказган назорат тадбирида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Унга кўра, Ромитан туманидаги “А.Ф.Ф.“ фермер хўжалигида электр қурилмалари шартномасиз тарзда тармоққа улангани аниқланди. Натижада электр таъминоти корхонасига 943,7 миллион сўмлик зарар етказилгани ҳисобланди.
Ҳолат юзасидан ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, тегишли ташкилотлар томонидан иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида бундай қонунбузарликларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА