Жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ижтимоий хавфли ҳолатларнинг олдини олиш борасида суд органлари муҳим ўрин тутади. Шу кунларда амалиётда кам учрайдиган, бироқ аҳамиятли ҳолат кузатилди.
Хоразм вилоятининг Боғот туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д. ўз опаси Н. билан туман суди раисига мурожаат қилиб, ўзини алкоголдан мажбурий равишда даволатишни сўради.
Маълум бўлишича, Кекса онаси билан бирга яшайдиган ушбу Д.нинг алкоголга бўлган қарамлиги ҳаёти ва атрофдагиларга салбий таъсир кўрсата бошлади. Бироқ, у мустақил қарор қабул қилишга қийналади. Ҳар куни майда-чуйда юмушлар билан шуғулланади ёки бировлардан пул сўраб бир қултум ичимлик учун маблағ йиғади. Кекса онаси ва қариндошлари ҳам унинг бу “қилиқ”ларидан безор бўлишган.
Шу сабабдан унинг опаси Н. судга мурожаат қилган. Бироқ, суд мажлисида Б.нинг ўзи ҳам суд раисидан ўзини мажбурий тартибда алкоголга қарши даволаш муассасасига жойлаштиришни сўради.
Суд ишида прокурор ва Д. истиқомат қиладиган маҳалла профилактика инспекторининг фикри ҳам тингланди. Суд томонидан ариза ҳар томонлама ўрганилиб, фуқаронинг ҳолати, тиббий хулосалар ва қонун талаблари инобатга олинди.
[gallery-27629]
Суд мажлисида аризачининг ўз ҳаракатларига танқидий баҳо бера олиши, даволанишга бўлган қатъий истаги алоҳида эътироф этилди. Натижада суд фуқарони маълум муддатга мажбурий тартибда алкоголга қарши даволаш муассасасига жойлаштириш ҳақида ажрим чиқарди.
– Қайд этиш керак, спиртли ичимликларга қарамлик бу оддий одат эмас, балки сурункали касаллик ҳисобланади, – дейди Боғот туман суди раиси Бекзод Яқубов. – Айрим ҳолатларда шахс мустақил равишда бу иллатдан қутула олмайди. Бу ўринда мажбурий даволаниш инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси бўлиши мумкин. Шу сабабдан аризалар ва туман ИИБнинг илтимосномасига асосан фуқаро Д.га нисбатан вилоят наркологик касалликлари диспансерига мажбурий тартибда даволатиш учун жойлаштириш тўғрисида ажрим чиқардик. Бу ажримга фуқаро Д.нинг соғлиғини тиклаш, уни ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш ҳамда эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қарор қилдик.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар фуқароларнинг ўз саломатлигига бефарқ эмаслигини, муаммони яшириш эмас, балки қонуний йўл билан ҳал этишга интилаётганини кўрсатади. Шунингдек, бу амалиёт профилактика нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NCB_4ufwzus" title="Fuqaro o‘z tashabbusi bilan suddan majburiy davolanishni so‘radi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари