Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиб, ташиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълум қилди.
Билдирилишича, бошқарманинг давлат инспекторлари томонидан Гулистон туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси ўзанида навбатдаги рейд тадбири ўтказилган.

Рейдда фуқаро А. С. давлат захирасидаги муҳофаза қилинадиган майдондан ноқонуний равишда қум-шағални ўзига тегишли бўлган юк машинасида ташиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланиб, давлат инспекторлари томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 82-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва у 5 млн 625 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.

Фуқаро бундан аввал ҳам бу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этиб, жарима тўлаган. Бироқ хулоса чиқармаган. Давлат инспекторлари томонидан унга муҳофаза қилинадиган майдондан қум-шағални қазиш, ташиш, даромад топиш мақсадида сотиш қонунга хилоф эканлиги, лекин бу хатти-ҳаракати яна такрор содир этиладиган бўлса, жарима билан қутулиб кета олмаслиги амалдаги қонун ҳужжатларига биноан тушунтирилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири