Фуқаро 11 дона балиқни 8 миллион 85 минг сўмга “сотиб олди”
Нурота туманида яшовчи Муродбек Айменов 11 дона балиқни 8 миллион 85 минг сўмга сотиб оладиган бўлди.
Нима учун?
Навоий вилояти Экология бошқармасининг назорат инспекцияси давлат инспекторлари томонидан Айдаркўл сув ҳавзасида ўтказилган тезкор назорат рейд тадбири давомида Муродбек Айменов ўзига тегишли бўлган “Казанка 5М” русумли қайиқ билан қўлбола тайёрланган ёриткич мосламаси, электр энергияси ёрдамида 10 дона сазан ва 1 дона судак балиғини ноқонуний равишда овлагани маълум бўлди.
Айни пайтда фуқарога нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 8 миллион 85 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланган ҳамда тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Нурота тумани судига юборилган.
Абдували Бўриев, ЎзА