Фуқароликка оид янги қонун инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирди
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Янги қонун
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, юртимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган мақомга эга бўлолмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўриш вақти келганлиги қайд этилди.
Шунингдек, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркорлиги ва шу тариқа 50 мингга яқин юртдошимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммолари ҳал этилиши бўйича зарур топшириқлар берилганди.
2020 йил 13 мартда давлатимиз раҳбари имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунда ана шу эзгу ғоя ва ташаббус ўз аксини топди.
Қонуннинг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб доимий пропискадан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва ушбу қонун кучга кирган санага қадар Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс истак билдирган тақдирда, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади, деб қайд этилди.
Маълумки, 1991 йилдан 2020 йилнинг февралигача 11 минг 647 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Шуларнинг 96 фоизга яқинига 2016 йил декабридан жорий йил февраль ойи оралиғида берилди.
Қайд этиб ўтиш керакки, 1991-2007 йиллар оралиғида 482 нафар киши фуқаролик олган бўлса, 2007 йилдан 2016 йилга қадар фуқаролик умуман берилмаган.
Сир эмаски, амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун 1992 йил 2 июлда қабул қилинган бўлиб, аксарият нормалари замон талабларига мос келмай қолди. Янги қонун билан фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомиллар янада соддалаштирилди.
Қонундаги меъёрлар соҳада самарали ва тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун билан белгиланаётган янги нормаларга тўхталиб ўтсак: “яшаш гувоҳномаси”, “хорижий давлат фуқароси”, “хорижда доимий яшовчи шахс”, “фуқаролиги бўлмаган шахс”, “текширув варақаси” ва бошқа шу каби асосий тушунчаларга шарҳ берилди.
Қонуннинг асосий принциплари, яъни ягона фуқаролик, тенг ҳуқуқлилик, фуқаросизликни қисқартириш ва очиқлик принциплари мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари акс эттирилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг умумий, соддалаштирилган ва алоҳида тартибда берилиш турлари белгиланди.
Қонунда унинг мақсади, асосий тушунчалари ва принциплари билан бирга, фуқароликни олиш, қабул қилиш ва уни тугатиш, ота-онасининг фуқаролиги ўзгарганда ва фарзандликка олинганда болаларнинг фуқаролиги каби масалаларга оид қоидалари белгиланди.
Ботир МАТМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси