Жаҳонга машҳур француз пианиночиси Франсуа Шаплен ўзининг таъсирчан ва ҳиссиётларга тўла ижроси билан мухлислар эътиборини қозонган.
Пойтахтимизда Ўзбекистон давлат консерваторияси, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри билан ҳамкорликда ўтказилаётган Француз мусиқаси фестивали доирасида таниқли пианиночи Франсуа Шапленнинг яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, Франсуа Шаплен — фрунцуз ва жаҳон мумтоз мусиқасини ўзига хос бетакрор талқинда ижро этувчи санъаткордир. Маълумотларга кўра, Париж консерваториясининг битирувчиси бўлган Франсуа Шаплен атоқли болгар пианиночиси Венцислав Янковдан таҳсил олган. Ўша йилларда у ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосаларига кўра, фортепиано ижрочилиги бўйича биринчи ўринга муносиб кўрилган эди. Кливленд (АҚШ)даги ижодий танловдан сўнг у халқаро миқёсдаги машҳурликка эришганди. Ўша танловда Франсуа Шаплен Моцарт ва Робер Казадезюс асарларини юксак маҳорат билан ижро этган.
Франсуа Шаплен Лиль шаҳрининг Миллий оркестри (Франция), Санкт-Петербург филармония оркестри, Япония филармонияси оркестри, Франциянинг Orchestre Colonne симфоник оркестри каби жаҳоннинг энг номдор мусиқий жамоалари таркибида концертларини тақдим этади. У дунёнинг энг нуфузли халқаро мусиқий фестивалларининг доимий иштирокчиси.
Концерт дастури давомида Франсуа Шаплен ижросида таниқли композиторлар Клод Дебюсси, Франц Шуберт, Фредерик Шопен ижодидан дурдона мусиқий асарлар ижро этилди.

Франсуа Шаплен француз ва жаҳон классик мусиқасининг нафис ва маҳоратли ижрочиси ҳисобланади. Санъаткор йирик нашрлар, мусиқий медиа тузилмаларнинг кўплаб мукофотларига муносиб топилган.
Aйни вақтда Франсуа Шаплен концерт фаолияти билан бирга, Версал минтақавий консерваториясида дарс беради ва бутун дунё бўйлаб, жумладан, Санкт-Петербург консерваторияси, Монреаль университети, Япония, Норвегия, Aргентина ва Ўзбекистонда маҳорат дарсларини олиб боради.
Француз мусиқа фестивали бу мумтоз мусиқа мухлислари учун таниқли француз композиторларининг асарларидан баҳраманд бўлиш, таниқли мусиқачилар ижоди билан яқиндан танишиш ва Франциянинг бой мусиқий маданиятидан баҳраманд бўлиш учун ўзига хос имкониятдир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири