Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиалига Франциянинг Версал консерваторияси вакиллари ташриф буюришди.
Франция маданияти ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Версал консерваториясининг "Триелен” триоси ва филиалнинг иқтидорли талаба-ёшларидан ташкил топган дамли чолғулар оркестри билан ҳамкорликда концерт дастури ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад олий ўқув юртлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, француз композиторларининг бой мусиқий меросини намойиш этиш ва ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлашдан иборат эди.

Концерт дастури давомида жаҳонга машҳур бастакорлар Вольфганг Амадей Моцарт, Джузеппе Верди, Жорж Орик, Жак Ибер ижодларидан энг сара асарлар ижро этилди.

Ҳамкорликда ўтказилган жонли концерт дастури томошабинлар қалбидан чуқур жой олди. Чунки жаҳон мумтоз мусиқаси намуналари ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди.
Шунингдек, Триелен триоси вакиллари филиалнинг дамли ва зарбли чолғулар мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талаба-ёшларига маҳорат дарсларини ҳам ўтишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири