Франция бош вазири Жан Кастекс мамлакатнинг 16 та департаменти ва Париж атрофи ҳудудида тўрт ҳафталик карантин тартиблари ўрнатилиши ҳақида маълум қилди.
Шунингдек у бу галги карантин аввалгиларидан анча қайишқоқ бўлишини, вазиятга қараб ўзгариб туришини маълум қилди.
Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Францияда коронавирус эпидемиясининг тезлашуви кузатилмоқда, мамлакат коронавируснинг учинчи тўлқинини бошдан ўтказмоқда. Айниқса Иль-де-Франс ҳудудида касалхоналар беморларга тўлиб кетган.
"Вазият ёмонлашмоқда. Янада қатиқроқ чораларни кўришда давом этишимиз керак", – деди Кастекс журналистлар билан учрашувда.
Карантин эълон қилинган департаментларда мактаблар аввалгидек очиқ қолади. Лекин биринчи навбатда дўконлар ёпилади.
Одамлар сайр қилиши, тоза ҳаводан баҳраманд бўлиши, спорт билан шуғулланиши учун уйларидан 10 километр масофагача боришига рухсат берилади", – дея аниқлик киритди Кастекс.
Сабабсиз бир ҳудуддан бошқасига саёҳат қилиш карантин даврида тақиқланади.
Мамлакатнинг барча ҳудудида жорий қилинган комендантлик соати ўз кучида қолади, деди бош вазир.
Францияда ҳозиргача коронавирусга чалинганлар сони 4,1 миллион кишидан ошди, 91 минг киши пандемия қурбони бўлди.