Миллий гвардия тизимидаги кавалерия бўлинмалари ҳарбий соҳадаги масъулиятли ва ўзига хос йўналишлардан бири саналади. Бу бўлинмаларда хизмат қилаётган мутахассислар нафақат юқори жисмоний тайёргарлик, балки хизмат отлари билан ишлашда чуқур билим ва малакага эга бўлишлари лозим. Бу борада профессионалликка эришишда ўтказиб келинаётган ўқув-машғулот йиғинлари муҳим аҳамиятга эга.
Шу кунларда Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган кавалерия бўлинмалари мутахассислари учун от спорти соҳасида халқаро тажрибага эга, нуфузли мусобақаларда катта ютуқларга эришган франциялик Оливер Биллаунд иштирокида назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.

Малакали мутахассиснинг Миллий гвардия кавалерия бўлинмалари машғулотларига жалб этилиши орқали ҳарбий хизматчилар замонавий ёндашувлар, отлар билан ишлашдаги илғор техника ва методикаларни чуқур ўзлаштириш имконига эга бўлмоқда. Бу, келгусида хизмат самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Миллий гвардия От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати ҳамда Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаблари ва Миллий гвардия Кавалерия эскадронининг мутахассислари машғулотлар давомида отда юриш техникаси, жанговар ҳолатларда тезкорлик билан ҳаракатланиш, отларнинг ҳарбий хизматга тайёргарлиги, уларни парваришлаш, ветеринария назорати, отларни тақалаш, рацион асосида овқатлантириш, шароитга мос ҳолда жисмоний юклама бериш каби йўналишлар бўйича билимларини оширмоқда.
Машғулотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги, отлар билан ишлаш кўникмасини янада ошириш, тезкорлик, жамоавий ҳаракатни таъминлаш борасидаги кўникмалари кўрикдан ўтказилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА