Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Францияда яна намойишлар авж олди
14:33 / 2025-12-03

Францияда учта йирик касаба уюшмаси – “CGT”, “FSU” ва “Solidaires” ҳукуматнинг тежамкорлик сиёсати, маошларнинг оширилмаслиги ва жамоат хизматларидаги қисқартиришларга қарши бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаш ўтказди.

“Euronews” нашрининг ёзишича, бу сафарги норозилик жорий йил сентябрь–октябрь ойларидаги йирик намойишларга нисбатан анча суст бўлган.

Уюшмалар 2026 йилги Ижтимоий хавфсизлик бюджети муҳокамаси фонида ўлкада фаолият юритувчи барча хизматчиларни иш ташлашга чақирган. Маҳаллий аҳолининг фикрича, янги бюджет лойиҳаси ишчилар, пенсия ёшидагилар ва давлат секторига “жиддий зарар” етказади. 

Улар ҳукуматдан маошларни ошириш, солиқ ва ижтимоий адолатни кучайтириш ҳамда соғлиқни сақлаш каби жамоат хизматларига кўпроқ маблағ ажратишни талаб қилмоқда.

“CGT” вакиллари давлат бой қатлам манфаатларини ҳимоя қилаётгани, харажатлар эса оддий фуқароларга тушаётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, иш ташлашнинг амалий таъсири паст бўлган: темир йўл қатнови деярли одатий режимда ҳаракатланмоқда, мактаблардан эса атиги 5 фоиз ўқитувчи намойишларда қатнашган.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳисоботига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 31 мингдан ортиқ киши қаршилик ҳаракатида қатнашган. Биргина Парижнинг ўзида 17 минг киши митингларда иштирок этган.

Мусулмон Зиё, ЎзА