Халқаро олимпия қўмитаси тизимидаги “Insidethegames.biz” сайти хабар беришича, кеча 2024 йил Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси йиғилиши ташкил этилди.
Ташкилий қўмита раҳбари Тони Эстангенинг айтишича, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига ҳозирлик борасида қатор муаммолар мавжуд.
Умуман, ХОҚ вакиллари қатнашган ялпи мажлисда иштирокчилар дунё бўйлаб давом этаётган геосиёсий ва иқтисодий инқироз “Париж-2024” тайёргарлигига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этишди.
Сўнгги ойларда бутун Европада юз бераётган иқтисодий беқарорлик туфайли озиқ-овқат ва электр энергияси нархи кескин ошди, Францияда ўсиш даражаси тўрт фоизни, инфляция эса 6.1 фоизни ташкил этмоқда. Бу 37 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Мураккаб вазиятга қарамасдан, анжуманга тайёргарликни кўнгилдагидек олиб бориш мақсадида турли бюрократик тўсиқларга эътибор бермаслик, ўйинларни ўтказишга масъул компаниялар маблағини тежаш, баъзи йўналишларда харажатни қисқартириш орқали ҳозирги ҳолатдан бир қадам олдинда юриш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда ташкилий қўмита кутилмаган нохуш ҳолатларга тайёр туриши лозимлиги айтиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Парижда ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йил 26 июль-11 август кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 28 август-8 сентябрь оралиғида бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА