Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Францияда "Ўзбекистон маданияти кунлари ҳафталиги" бўлиб ўтади
10:56 / 2022-03-10

Шу кунларда Бухоро вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Бухоро Туризм ва маданий мерос техникуми мутасаддилари Францияда ташриф билан бўлиб турибди.

Франциядаги Руан Нормандия университетининг Эврё шаҳридаги кампусида делегациямиз аъзоларининг университет раҳбарияти билан учрашуви, музокара ва тақдимотлари бўлиб ўтди.

Эврё шаҳрида Руан Нормандия университетининг Туризм ва меҳмонхона хўжалиги факультети жойлашган. Маълумки, мазкур олий ўқув юрти ва Бухоро Туризм ва маданий мерос техникуми ўртасида ҳамкорлик алоқалари мавжуд.

Ташриф аввалида университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар билан учрашув ташкил қилинган бўлиб, унда Бухоро вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси мутасаддилари томонидан тақдимот ўтказилди.

Ташриф давомида Бухоро делегациясини Эврё агломерацияси президенти Ги Лефран жаноблари француз мериясида қабул қилди. Ги Лефран икки томонлама таълим соҳасидаги ҳамкорликка хайрихоҳлик билдириб, ҳар томонлама кўмак ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Мазкур ташриф ўз ичига таълим туризми йўналишида тақдимотлар, учрашув ва музокараларни ўз қамраб олган. Руаннинг Эврё шаҳридаги факультетида видеомулоқот ташкил этилди. Унда университет ректори, Бухоро делегацияси ва Руан Нормандиянинг барча факультетлари иштирок этди.

Онлайн мулоқотда талабаларни танлаб олиш, жойлаштириш каби масалалар, университет ректори Жоел Александр таклифи билан бухоролик талабаларининг Руан университетида ўқишга тезроқ киришиб кетиши учун бу ерда "Ўзбекистон маданият кунлари ҳафталиги"ни ўтказиш таклифи илгари сурилди. Ушбу маданий ҳафталикка бухоролик талабалар бошчилик қилишади.

Бундан мақсад, француз талабаларини ўзбек талаба дўстларининг маданияти, урф-одати, тили, ошхонаси ва яшаш шароитлари билан яқиндан таништиришдир.

Ўз ўрнида Франция тарафидан Руан Нормандия университети тадқиқотчилари Бухоро Туризм ва маданий мерос техникумида маълум бир мавзулар бўйича, жами 15 яқин мавзу – Франция тарихи, географияси, иқтисодиёти, саноати, адабиёти, санъати, кино, туризм ва қатор соҳалар бўйича тақдимотлар ўтказишади.

Руан университети тадқиқотчиларининг бу каби дастури Бухоро Туризм ва маданий мерос техникуми талабаларини Руан университетида ўқишини осонлаштириш учун пойдевор яратиб беради.

Икром Аввалбоев, ЎзА