Францияда карантин чекловларининг айримларини олиб ташлаш ва оммавий тадбирларга рухсат бериш режалаштирилмоқда.
“Аммо мамлакатдаги бар ва ресторанлар йил охиригача ёпиқ қолади”, – деди Франция Президенти Эммануэл Макрон кеча бўлиб ўтган телевизион мурожаатида. Таъкидланишича, бу келаси икки ой ичида жорий этиладиган уч босқичли карантин чекловларининг дастлабкиси.
28 ноябрдан бошлаб дўконлар қатъий гигиена талаблари остида қайта очилиши кўзда тутилган. Аҳоли бу хушхабарни хурсандчилик билан қарши олмоқда.
Аммо карантин давом этади, фақат уйдан қанча вақтга чиқиб кетишингиз мумкинлиги ҳақидаги чеклов юмшатилади. Ҳозиргача французлар ўз уйларидан бир километр радиусда бир соатгача ҳаракатланиши мумкин эди, энди бу уч соатгача узайтирилади.
Диний муассасалар қайта очилиши мумкин, фақат у ерга келувчилар сони бир пайтнинг ўзида 30 кишидан ошмаслиги керак.
Карантин чекловлари юмшатилишининг асосий сабаби мамлакатдаги вазият барқарорлашгани билан боғлиқ. Агар эпедимиологик вазият яхшиланадиган бўлса, одамларга мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига ва Рождествони оиласи ва яқинлари даврасида кутиб олишига рухсат берилади. Бу эса французлар учун катта шодиёна дегани.
Шунингдек, кинотеатр ва музейлар ўз эшикларини қайта очмоқда. “Бироқ тоғ-чанғи курортлари байрам арафасида очиқ бўлмаслиги мумкин”, – деди Франция Президенти.
Якуний қарор яқин кунларда эълон қилиниши айтилган.
Беҳруз Худойбердиев