English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Франция Сербияга 12 та қирувчи самолёт беради
09:22 / 2024-09-03

Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Сербияга ташрифи чоғида Белградга 2,7 миллиард евролик 12 та янги “Rafale” қирувчи самолёти етказиш бўйича келишув имзоланди. Бу хабарни “Euronews” тарқатган.

“Dassault” бош директори Эрик Траппьенинг сўзларига кўра, шартнома доирасида харидор томон 2029 йилгача тўққизта бир ўриндиқли, учта икки ўриндиқли учоқ олади. Мазкур лойиҳа болқон мамлакатига ҳаво кучларини модернизация қилиш, эскирган жанговар самолётларни алмаштириш имконини яратади.

Сербия расман Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ҳаракатини давом эттиряпти. Афсуски, 27 давлатдан иборат тузилмага қўшилишнинг асосий шарти – қонун устуворлиги ва демократия ислоҳоти бўйича ушбу мамлакат эришган муваффақият даражаси ЕИни қониқтирмаяпти.

Макрон келишувни “тарихий ва муҳим” деб атади ва Сербияни “Европа руҳини намойиш этгани” учун олқишлади.

– “Rafale” қирувчи самолётлари танланиши давлатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли иттифоқни ифодаловчи аниқ танлов, – деди Франция раҳбари. – Бу қадам стратегик ҳамкорлигимизнинг бир қисми сифатида мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлайди.

Ўз навбатида Александр Вучич ҳам мазкур шартнома “катта янгилик” эканини айтди.

– Биз Франция Президентига шундай қарор қабул қилгани ва янги учоқлар сотиб олишга имкон бергани учун миннатдорлик билдирамиз, – деди Сербия раҳбари ҳужжатни имзолаш маросимида.

“Rafale” – кўп вазифали қирувчи самолёт бўлиб, ердаги ва денгиздаги нишонга зарба бериш, разведка олиб бориш учун мўлжалланган.

Ў.Алимов, ЎзА