Мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг дунёдаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгаймоқда. Сўнгги йилларда юртимиздаги олий ўқув юртлари томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида 100 дан ортиқ хорижий, жумладан, АҚШ, Германия, Россия, Беларусь, Голландия, Исроил, Италия, Финляндия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Польша сингари давлатлардаги нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Франция пойтахти Париж шаҳрида 500 га яқин ректорлар, илмий доира вакиллари ва профессорлар иштирокида бўлиб ўтаётган “Campus France – 2022” ҳамда Франция – Ўзбекистон университетлари II форуми Франция ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтиришга кенг йўл очиб беради. Андижондаги қатор олий ўқув юртлари ректорлари, жумладан, институтимиз ректори Умиджон Турдалиев қатнашаётган форум жараёни, форум доирасидаги тадбирларни онлайн тарзда катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Иштирокчилар томонидан мазкур форум икки томон учун ҳам ғоят муҳим ва аҳамиятли экани, икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-9777]
Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасалари Франциянинг Париж халқаро мода академияси, “Вател” меҳмонхона ва туризм бизнес мактаби, ЭНАC Миллий авиация мактаби, Пантеон-Сарбонна, Страсбург, Сержи-Понтуаз, Бордо, Пуате, Лотарингия университетлари билан самарали ҳамкорлик қилаётганлиги қувонарлидир. Университетлараро тўғридан тўғри алоқалар ўрнатиш, кадрлар тайёрлаш, таълим ва илм-фан соҳаларида олиб борилаётган жараёнлар борасида фикр ва тажриба алмашиш имконини берган мазкур форум мамлакатимиз олий ўқув юртлари учун жуда самарали бўлди. Форумнинг дастлабки кунларидаёқ қатор ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Ишонаманки, келгусида Франция билан машинасозлик соҳаси учун ҳам малакали кадрлар тайёрлаш, бу борадаги таълим сифатини ошириш, Франциядаги илғор ўқитиш тажрибаларини институтимизда жорий этиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилади.
Акмалжон Эрматов,
Андижон машинасозлик институти проректори