Франциянинг мамлакатимизда яқинда иш бошлаган Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук Самарқанд шаҳридаги 43-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, таълим жараёнлари билан танишди.
Француз тили чуқурлаштириб ўқитиладиган мазкур мактабда 1,5 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олади. Мактабга Франциядан кўплаб меҳмонлар, зиёлилар келиб туради. 2023‑2024 ўқув йилида ушбу давлатдан келган уч нафар француз тили ўқитувчиси ўқувчиларга сабоқ берган, ўқитувчиларга ўз тажрибасини ўргатган эди. Франциянинг юртимизда фаолият кўрсатаётган элчиларининг мактабга ташрифи ҳам кейинги йилларда анъанага айланди.

Уалид Фук ҳам ушбу анъанага содиқ қолиб, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари билан дилдан суҳбатлашди. Уларнинг француз тилини ўрганиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлади.

Элчи жаноблари француз тилини муваффақиятли ўзлаштириб, халқаро даражадаги DELF-DALF сертификатига эга бўлган мактабнинг 4 нафар иқтидорли ўқувчисига сертификатларни тантанали равишда топширди.

Элчининг ташрифи давомида мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг Францияда билим ва тажриба ошириши учун қўшимча имкониятлар яратиш борасида фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА