Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Франция делегацияси Самарқандда
15:04 / 2023-05-06

Мамлакатимизга ташриф буюрган Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва чет элдаги француз фуқаролари масалалари бўйича вазир-делегат Оливе Бешт бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Франция делегацияси билан учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусида вазифалар муҳокама этилди.

Эркинжон Турдимов Оливе Бештга ташриф ҳамда Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатиш ишлари бошланганлиги учун миннатдорлик билдирди. Самарқандда франциялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтди. Жумладан, француз инвесторлари билан вилоятда ташкил этилган қуёш электр станцияси, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта  ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар қайд этилди. Шунингдек, франциялик сайёҳларнинг Самарқандга ташрифи йил сайин ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Самарқандни Франция билан боғлайдиган ришталар қадимий асосга эгалиги қайд этилиб, бугун ҳам бу борадаги ишларни янада ривожлантириш имконияти мавжудлиги билдирилди. Жумладан, вилоятда ташкил қилинган эркин иқтисодий зонада франциялик тадбиркорлар, бизнес вакиллари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди. Бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш учун Франция ва Самарқанд ишбилармонлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Ўз навбатида Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва чет элдаги француз фуқаролари масалалари бўйича вазир-делегат Оливе Бешт самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга сафари ҳар жиҳатдан самарали ўтаётганлигини қайд этди.  

[gallery-11751]

– Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд билан ҳамкорлигимиз кенг миқёсда давом этмоқда, – дейди Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва чет элдаги француз фуқаролари масалалари бўйича вазир-делегат Оливе Бешт. – Бугун энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, таълим соҳасидаги лойиҳалар изчил давом этмоқда. Ўзбекистондаги фрацуз тилига ихтисослашган учта мактабдан бири Самарқандда. Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Туризм соҳасидаги ишлар ҳам ҳавас қиларли даражада. Пандемиядан олдинги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бир йилда 20 мингдан ортиқ франциялик Самарқандга ташриф буюрган. Демак, ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарур. Ташрифимиз шу мақсадда амалга оширилмоқда. Вилоят раҳбари билан бўлган мулоқотимизда келгуси режаларни батафсил муҳокама қилдик. Ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида бевосита ҳамкорлик лойиҳалари бўйича ишлайдиган ҳар икки томоннинг масъулларини белгилашга келишдик. Улар бевосита доимий алоқада бўлиб, лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлашади. Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам таклифларимизни муҳокама қилиб, аниқ режаларни белгилаб олдик.

Учрашувда муқобил энергия тизимини ривожлантириш, ер ва сув хўжаликларини ривожлантиришдаги ҳамкорлик, меҳмонхона ва ресторанлар тизими бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Делегация аъзолари ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги Франциянинг фахрий консуллиги фаолияти билан танишди. Оливе Бешт бошчилигидаги делегация шаҳарда ташкил этилиши режалаштирилаётган Франция альянси учун белгиланган биноларни ҳам кўздан кечирди. Меҳмонлар Самарқанд ташрифи давомида шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳат қилди.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА