Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Франция билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
22:02 / 2021-05-11

11 май куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вазир-вакили Франк Риестер ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани, икки томонлама муносабатлар, энг аввало, савдо-иқтисодий алоқалар ва туризм соҳаларида катта салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Вазир Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Маълумки, Олий Мажлис Сенатида Франция Республикаси Сенати билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича гуруҳ, Франция Республикаси Сенатида эса “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

– Менинг Ўзбекистонга сафаримдан мақсад сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин муносабатларни янада мустаҳкамлашдан иборат, – деди Франк Риестер. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасидаги ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳам ташрифим режасига киради. Чунки ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Франция Президенти Эммануэль Макрон ўртасида турли соҳаларга тегишли кўплаб масалалар муҳокама қилинган эди.

[gallery-2379]

Франция делегациясига 30 нафар тадбиркор ҳамроҳлик қилмоқда. Улар Ўзбекистондаги янги лойиҳаларга сармоя киритиш имкониятларини кўриб чиқади.

Учрашувда Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигини, жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, транспорт, туризм, саноат, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар кўриб чиқилди.

Франк Риестер бошчилигидаги делегация аъзолари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ҳам учрашди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Франциянинг SUEZ компанияси билан сув хўжалиги, Veolia компанияси билан иссиқлик тизимига замонавий бошқарувни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда турли соҳалар – илғор технология ва инновацияларни жалб қилиш, туризм ва хизматлар, ишлаб чиқариш ва таълим йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши таъкидланди.

Тошкент ва Франциянинг йирик шаҳарлари ўртасида иқтисодий, инвестицион, туристик, илмий-техник ва маданий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Франциянинг Кордон Блю университети билан йўлга қўйилган ҳамкорликни ижобий баҳолар экан, келгусида таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Тошкентда француз ошхоналарини очиш, меҳмонхоналар қуриш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида таклифлар ўртага ташланди.

АКТни ривожлантириш, хусусан, инновацион стартапларни ҳаётга жорий этишда биргаликда ишлаш самарали бўлиши қайд этилди. Шунингдек, томонлар туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқдилар.

С.РАҲИМОВ, ЎзА