Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фракциялараро дебат ўтказилди
17:49 / 2021-05-23

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўйича фракциялараро дебат ташкил этилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ваколатлари тўлиқ мустаҳкамланмаган. Бу эса соҳанинг янада ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Шу муносабат билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида бир қатор янгилик ва ўзгаришлар ўз ифодасини топмоқда.

Қонун лойиҳасида ишлаб чиқарувчи ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида етказиш, товарни экспертизадан ўтказиш ҳолатлари ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада ваколатли давлат органи ва нодавлат жамоат бирлашмаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколат ва ҳуқуқлари ҳам акс этмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳаси товарларни (ишларни, хизматларни) масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш чоғида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олишга қаратилган нормалар билан тўлдирилди.

Қонун лойиҳаси юзасидан кечган баҳс-мунозара, тортишувларда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз нуқтаи назарини билдирди. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда 6, 27 ва 28-моддалардаги нормалар амалдаги қонунчиликка мослигини яна бир бор кўриб чиқиш ҳамда янада такомиллаштириш бўйича таклифларини билдирди.

ЎзМТДП фракцияси вакиллари эса лойиҳанинг 5-моддасидаги товар ва хизмат тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида берилиши шартлиги ҳамда 10-моддадаги товарларни кредитга сотиш қонуности ҳужжатлари билан эмас, балки қонун билан тартибга солиниши бўйича таклифларини илгари сурдилар.

“Адолат” СДП фракцияси қонун лойиҳасидаги айрим нормаларни қўллашда хориж амалиётини таҳлилий ўрганиш ҳамда ундаги моддаларнинг пишиқ-пухта бўлиши учун қатор таклиф ва тавсиялар билдирди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари лойиҳадаги истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган нормаларни такомиллаштиришга эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари товарларнинг қайта ишланиши ҳамда уларнинг органик ёки экологик тозалиги масаласини илгари суриб, 6-моддага тегишли ўзгартишлар киритиш таклифини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби тортишувлар, фракциялараро баҳс-мунозаралар муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларининг янада пишиқ, пухталигини, ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА