Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O'zLiDeP фракциясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ҳамда Мактабгача таълим вазирликлари томонидан бажарилиши масаласи муҳокама этилди.
Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ZOOM дастури орқали онлайн тарзда ўтказилган тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O'zLiDeP фракцияси аъзолари, мутасадди вазирлик, муассаса ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Т.Баекеев, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Асқаров, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ўринбосари Б.Камаловнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида мамлакат тараққиёти ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва "рақамли" технологияларни жамият ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам "Рақамли Ўзбекистон – 2030" дастурини, "катта маълумотлар", "ақлли", "хавфсиз" шаҳар, "Интернет буюмлар" технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш партиянинг сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган.
"Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида Нукус шаҳри, Бўзатов ва Тахиатош туманларида барча тармоқларни рақамлаштириш бўйича 84 та лойиҳа белгиланган. Шундан ҳозирги кунда 78 таси амалга оширилган бўлса, қолган 6 таси бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари барча шаҳар ва туманларда 5 та муҳим ташаббус доирасида жами 10 та рақамли технологияга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлса, қолган 7 та туманда жорий йилда йўлга қўйиш режалаштирилган.
"Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 27 минг нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтиб, 21 минг нафардан ортиғи сертификатга эга бўлди. Мамлакатимиз бўйича "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ўтказилган танловда Қорақалпоғистон Республикасидан 22 та умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси ғолибликни қўлга киритди.
Оролбўйи аҳолисига бугунги кунда 38 та шифохона, 146 та амбулатор-поликлиника муассасаси, шундан 35 та қишлоқ врачлик пункти, 69 та қишлоқ оилавий поликлиника ва бошқа даволаш-профилактика муассасаси тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
"Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини янада кенгайтириш, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Келгусида республика ихтисослашган тиббиёт марказлари билан телетиббиёт йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида рақамли трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси”нинг тегишли бандларида Бўзатов, Тахиатош туманлари ва Нукус шаҳридаги кўп тармоқли поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни зарур техникалар билан таъминлаш, "Электрон поликлиника" ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича масъул ходимларни ўқитиш топшириғи берилган.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида "Электрон поликлиника" ахборот тизимига Нукус шаҳридан 9 та, Тахиатош туманидан 4 та, Бўзатов туманидан 5 та даволаш профилактика муассасаси уланиб, белгиланган режа асосида иш олиб борилмоқда.
Йиғилишда юқоридаги фармон ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам қайд этилди. Депутатлар томонидан уларни бартараф этиш юзасидан тавсия ва таклифлар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА