Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фракция раҳбари Андижонда муаммоларни ўрганди
17:26 / 2025-11-28

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари, партия сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди.

Дастлаб партия етакчиси Андижон шаҳрида партия фаоллари, партиядан сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари билан учрашиб, мулоқот ўтказди. Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш, пировардида, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур жараёнда сиёсий партиялар, хусусан, “Адолат” СДП вакиллари ҳам фаол иштирок этаётганлиги алоҳида қайд этилди. 

– Жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда партия фаоллари, айниқса, депутатларнинг фаол бўлиши муҳимдир, – дейди Робахон Маҳмудова. – Ишонч билан айта оламанки, мазкур йўналишда партиямиз етакчилари, фаоллари, партиямиздан сайланган депутатлар фаоллиги янада ортади. 

Шундан сўнг фракция раҳбари Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида бўлиб, клиникадаги қурилиш таъмирлаш ишлари ҳамда тиббиётдаги инновацион лойиҳалар ва дуал таълим имкониятлари, шунингдек, ёш олималар, тадқиқотчиларнинг инновацион лойиҳалари кўргазмаси билан танишди, ёш олимлар билан суҳбатда бўлди. Уларнинг мурожаат ва муаммоларини эшитди, бартараф этишга кўмаклашиш юзасидан зарур чоралар кўрилишини айтиб ўтди. 

Робахон Маҳмудова Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” марказида бўлиб, марказ фаолияти, бу ерда ногиронлиги бор болалар ва катталар учун яратилган шарт-шароитлар, ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган замонавий тизим, хусусан, реабилитация жараёнлари, махсус педагогика асосида ташкил этилган индивидуал машғулотлар, болаларнинг ривожланиш динамикасини мониторинг қилиш ва баҳолаш механизми билан танишди.

Мутасаддилар марказ мутахассислари томонидан қўлланилаётган инновацион усуллар – ЛФК машғулотлари, сенсор ривожлантириш хонаси, нутқ терапияси, психологик коррекция дарслари ҳақида маълумотлар берди.  Шунингдек, оила билан ишлаш тизими, болаларга индивидуал ёндашув ва уларнинг ижтимоий мослашувини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг амалий натижалари ҳақида маълумотлар олди. 

Марказ фаолиятига, мутахассислар томонидан олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Ходимлари ва мутахассислари меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга партиянинг эсдалик совғаларини топширди.

Сўнг партия етакчиси Андижон вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида бўлди. Марказ кўмагида иш бошлаган ҳунарманд ва тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари билан танишди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган ўқув курслари машғулотларини кўздан кечирди. Курсларда оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла тавсияси билан таҳсил олаётган аёллар билан учрашди, уларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар берди. 

Навбатдаги манзил Андижон туманидаги Садда таги маҳалласи бўлди. Партия етакчиси маҳалла еттилиги фаолияти, маҳаллада аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш ва бошқа қатор йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар билан танишди. Шунингдек, аҳолига ижарага берилган ерларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида тўқсонбости усулида экилган саримсоқпиёз етиштириш, ички бозорга етказиб бериш ва экспорт қилиниши жараёнларини кўздан кечирди.

[gallery-26469]

Партия етакчиси Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Андижон тумани адирликлари бағрида барпо этилаётган, 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлган Бобур шаҳридаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди. Шаҳар ҳудудида қарийб 5,5 гектар майдонда барпо этилган “Ватанпарвар” боғида бўлди. Боғдаги “Ватанга қасамёд” монументи, ўрнатилган ҳарбий техникалар музейи, концерт ҳамда томоша майдонлари, Ватан озодлиги, тинчлиги ва ҳимояси йўлида жон фидо қилган марҳумлар хотирасига ҳурмат сифатида ўрнатилган ёдгорликларни кўздан кечирди. 

Ўрганиш доирасида Робахон Маҳмудова Асака тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги даволаш муассасаларида бўлиб, навбатларнинг юзага келиши, кадрлар етишмаслиги, дори-дармон таъминоти, тўловли хизматлар шаффофлиги, муассасаларда санитария талабларига риоя қилиниши, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги ишлар билан танишди, муаммоларни ўрганди. Уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берди. Муаммоларнинг ҳал этилиши партия етакчилари, депутатларнинг доимий назоратида бўлишини таъкидлади.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари