Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фозилмон ота зиёратгоҳи: сиз нималарни биласиз?
10:46 / 2022-05-16

Фозилмон ота зиёратгоҳи Фарғона водийсининг туризм марказига айланиб бораётган сўлим Хонобод шаҳрининг энг обод масканлардан бири ҳисобланади.

Зиёратгоҳ – Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган энг чекка шарқий-жанубий ҳудудидаги Хонобод шаҳрининг Фозилмон маҳалласида жойлашган қадимий зиёратгоҳдир. Муқаддас масканнинг энг муҳим ва асосий хосияти унинг инсонлар саломатлигига ижобий таъсир қилувчи шифобахш булоғидир.

Ота-боболаримиз, кекса авлод вакилларининг айтишларича, минг бир дардга даво булоқнинг ҳаётбахш тирик сувларидан неча асрлар давомида одамлар шифо топиб келади. Зиёратгоҳга нафақат андижонликлар, балки республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам одамлар келиб дам олади. Булоқ суви инсон организмига тетиклик, қувват бахш этади, кўплаб хасталикларга, айниқса, ички ва тери касалликларига фойда бўлади.

[gallery-7108]

Ривоятларга кўра, XIII асрда яшаб ўтган уламо Сайид Фозилмон Деҳлавий ҳазратлари Аллоҳнинг иродаси ила муқаддас булоқ бўйини ўзига макон қилган. Инсонларни дину-диёнатга, ҳақиқатга, маърифатга чорлаган. Ўз кароматлари билан эл орасида авлиё, дея тилга олинган. Вафот этгач, шу жойга дафн қилинади.

XVI аср охирида келган кучли сел натижасида Фозилмон ота мақбараси лойқа сув остида қолади. 1805 йилда уламо, ўзбек мумтоз адабиётининг вакили шоир Хўжамназар Холмуҳаммад ўғли Ҳувайдонинг ўғли Холмуҳаммад Эшон ибн Ҳувайдо томонидан қабр ўрни аниқланиб, мақбара қайта тикланган.

Кейинги йилларда мақбара ва зиёратгоҳ миллий услубда таъмирланиб, ободонлаштирилди. Зиёратчиларнинг кўнгилли дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун зарур барча шароитлар яратилди. Ҳар йили, айниқса, ёз мавсумида бу ер минглаб зиёратчилар келиб-кетадиган энг гавжум масканлардан бирига айланади.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА